Kitabı oku: «Чол ва денгиз», sayfa 3
– Балиқ боягидан хийла секин сузяпти, – деди у. Чол шўр сувда қўлини узоқроқ тутиб туришни истарди-ю, аммо балиқ яна тортқилаб қоладими, деб қўрқди: шунинг учун ҳам у ўрнидан туриб, чилвирни елкаси билан тортиброқ қўйди ва қўлини офтобга тутди. Чилвир қўлнинг бор-йўғи биргина, аммо худди ишга энг асқатадиган юмшоқ жойини тилиб кетган эди. Иш долзарбга келганда қўли ҳали тоза ҳам керак бўлишини чол тушунар, келиб-келиб, бошданоқ унинг дардисар бўлиб қолганлигидан ғижинарди.
– Энди, – деди у қўли қуригач, – тунецни еб олишим керак. – Уни бу ёққа чангак билан тортиб ололаман, кифтини келтириб қорин тўйдириш ҳам қўлимдан келади.
Чол яна чўкка тушди ва қуйруқ тагини чангак билан тимирскилаб, тунецни топди. Чилвир ўрамини авайлаб тутганча, тунецни ўзига томон сурди. Балиқнинг бутун оғирлигини яна чап елкасига олиб, сўл қўли билан қайиқ четига таянди-да, тунецни қармоқдан ажратиб олди ва чангакни ўз ўрнига қўйди. Балиқни тиззасига сиқиб олди ва унинг қорамтир қизил тусли гўштини бўйнидан тортиб то думигача узунасига тилимлаб чиқди. Тилим-тилим қилиб олти бўлак кесиб олгач, уларни қайиқ бурнининг тахталарига териб қўйди, пичоқни почасига суртди, тунец склетини думидан ушлаб олиб денгизга итқитди.
– Ҳойнаҳой, бутун бир бўлакни ея олмасман, – деди у ва бўлаклардан бирини иккига бўлди.
Чол улкан балиқнинг тин олмасдан, кучдан қолмай тортиб бораётганини, чап қўли эса тамомила айилиб кетаётганини сезиб турарди. Бу қўли оғир арқонни титраб-қақшаб тутамлар эди. Чол унга ижирғаниш билан сарасоф солди.
– Худо ҳақи, шу ҳам қўл бўлдию! – деди у. – Кўнглинг суст кетаётган бўлса майли, айилиб тушавер! Менга деса, қушпанжасидай бўлиб қолмайсанми, барибир бунинг сенга нафи тегмайди.
«Бир оз тотиниб ол, – деб ўйлади у қоп-қора сув ва унга қиялаб кетган ўрамга назар солар экан, – билагинг бақувватроқ бўлади. Бу қўлда нима гуноҳ бор? Ахир, сен қаторасига неча соатдан бери балиқни ушлаб турибсан ўзинг. Аммо барибир охиригача ундан айрилмайсан. Ҳозирча тотиниб ол».
У балиқнинг бир бўлагини олиб, оғзига солди ва оҳиста чайнай бошлади. Мазаси у қадар кўнгил айнитар даражада эмас эди.
«Ҳатто увоғини ҳам таъмини йўқотмаслик учун яхшилаб чайна, – деб ўйларди у. – Қани энди буни лимон ёки жуда бўлмаса, туз билан қўшиб туширсанг, додига ким етсин».
– Хўш, қалай, ўзингни яхши сезяпсанми? – деб сўради у худди мурданики сингари тарашага айланиб кетган қўлидан. – Сени деб, яна бир бўлакни ейман.
Чол боя ўртасидан бўлинган тилимнинг иккинчи бўлагини оғзига солди. Эринмай чайнаб, кейин пўстини тупуриб ташлади.
– Хўш, нечук, енгил тортдингми? Ёки ҳали ҳам ҳеч нима сезмаяпсанми?
У яна бир бўлакни олиб, уни ҳам еб олди.
«Ажойиб, этли балиқ экан, – деб ўйлади у. – Яхшиямки, қўлимга макрель эмас, тунец тушди. Макрель ўлгудай чучмал бўлади. Бу балиқда бўлса, шира деярли йўқ ва бунинг устига таом сифатида бақувват. Айтгандай, бекорчи хаёллар билан мия чалғитишнинг нима ҳожати бор, – деб ўйлади у. – Қиттаккина бўлса ҳам тузнинг бўлмагани чатоқ бўлди-да. Бу қолган бўлаклар офтобда нима бало бўлади – қоқланадими ёки ҳидланиб қоладими, билмайман. Шунинг учун, оч бўлмасам ҳам, яхшиси уни еб қўя қолай. Улканвой ҳам ўзини мулойим ва мўмин тутяпти. Мен тунецни охиригача еб тугатаману, сўнг бошга тушганини кўришга ҳозир бўламан».
– Сабр қил, қўл, – деди у. – Кўряпсанми сени деб, ўлар-тириларимга қарамай ҳаракат қиляпман.
«Катта балиқни ҳам меҳмон қилишим керак эди аслида, – деб ўйлади у. – Ахир, у менга йўлдош бўлиб қолди. Аммо мен уни ўлдиришим керак. Бунинг учун эса куч-қувват лозим бўлади».
Чол тунецнинг ҳамма тилимларини оҳиста ва покпокиза еб битирди. Қўлини иштонига сурта-сурта, қаддини ростлади.
– Хўш, энди, қўл, – деди у, – сен чилвирни қўйиб юборсанг ҳам бўлар. Майнавозчилигинг тугамагунча, ўнг қўлим билан эвини қилиб тураман.
Олдин сўл қўли билан ушлаб турган йўғон ўрамни, энди чол чап оёғи билан қисиб олди ва балиқнинг оғирлигини елкасига оларкан, ўзини орқага ташлади.
– Худоё, ишқилиб, бу томир тортиш ўтиб кетса бўлгани! – деди у. – Ким билади, ҳали бу балиқнинг бошига нима хаёллар келмайди.
«Кўринишдан ҳозирча ипакдай, – деб ўйлади у, – бамайлихотир ҳаракат қиляпти. Аммо хаёлида нима бор? Ва мен нима қилишим керак? У шунчалик улканки, мен ўз режамни унинг режасига мувофиқлаштирмасам бўлмайди, ахир. Агар у сузиб чиқса, мен уни ўлдира оламан. Мабодо у бутунлай чиқмай қолса-чи? Унда мен ҳам у билан бирга қоламан».
У томир тортишишдан чангак бўлиб қолган қўлини иштонига суртиб, бармоқларини ёзишга уринди. Аммо қўл очилмас эди. «Эҳтимол, у офтобдан ёзилиб кетар, – деб ўйлади чол. – Эҳтимол, хом тунец ҳазм бўлгандан кейин ёзилиб кетар. Агар у менга керак бўлиб қолса, қандай бўлмасин уни ишга соламан, вассалом. Бироқ, ҳозир мен бунга куч сарф қилиб ўтиришни истамайман. Майли, у ўзи очилсин, ўз ихтиёри билан жонланиб кетсин. Нима бўлганда ҳам, кечаси жамийки калаваларни кесиб, бир-бирига улаш керак бўлганда, у шўрлик мендан кўп азият чекди».
Чол олис-олисларга боқиб, энди ўзининг нақадар ёлғиз эканлигини тушунди. Аммо бу тубсиз сим-сиёда синиб аксланган рангин қуёш нурлари, пастга кетган таранг чилвир ва денгиз сатҳининг ажабтовур тўлғоқларини кўриб турарди. Пассат бўлишидан хабар бериб булутлар тўдаланарди. Чол олдинга қараб, осмон бетида яққол кўзга ташланиб учган ёввойи ўрдаклар тўдасини кўрди; ана тўда хираланиб ёйилди, кейин яна аввалгидан ҳам тиниқ бўлиб кўзга ташланди ва чол денгизда киши ҳеч қачон ёлғиз ўзигина қолмаслигини тушунди.
Баъзи одамларга кичкина қайиқ билан очиқ денгизда қолиш жуда ҳам қўрқинчли кўринади. Чол шу ҳақда ўйлар экан, уларнинг бу қўрқинчлари ҳаво тўсатдан айниб қоладиган ойлардагина асосли деган фикрга келди. Аммо, ҳозир довуллар уввос тортадиган фасл кирган-у, довулнинг ўзидан дарак йўқ экан, демак, йилнинг энг сара вақти ҳам худди шунинг ўзи бўлади.
Довул яқинлашганда, унинг ҳаводаги белгиларини денгизда туриб ҳар доим бир неча кун олдиндан кўриш мумкин. Қуруқликда эса уни пайқамай қоладилар, деб ўйларди чол, чунки нимага қараш кераклигини ўзлари ҳам билишмайди. Бундан ташқари қуруқликдаги булутнинг кўриниши ҳам тамомила бошқача. Нима бўлганда ҳам ҳозир довул туриб қолади, деб кутишга ҳожат йўқ.
Осмонга қараб, у оппоқ тубсиз сентябрь кўкида ўзи суйиб ейдиган музқаймоққа ўхшаш укпар булутларнинг ҳарир пардаларини кўрди.
– Тезда енгил эпкин туради, – деди чол. – У бўлса, балиқ, сенга қараганда, менга кўпроқ қулайлик туғдиради.
Унинг чап қўли ҳали ҳамон тарашадай қотганча турар, аммо энди сал-пал қимирлатса бўладиган эди.
«Қўлимнинг томир тортишини шундай ёмон кўраманки, – деб ўйлади чол. – Тана ўзингники бўлса-да, яна мана бундай дард устига чипқон бўлиб турса! Балиқ еб заҳарлансанг-да, одамлар ичида ҳадеб бурнинг оқиб кетаверса ё қайт қилгинг келаверса, қанчалик шарманда бўласан киши. Аммо томир тортиши (буни у хаёлида calambre деб атарди) ундан ҳам ёмон шарманда қилади ва яна, айниқса, бир ўзинг бўлсанг».
«Агар ёнимда бола бўлганда, – деб ўйлади чол, – қўлимни тирсакдан бошлаб уқалаб қўйган бўларди. Майли, ҳечқиси йўқ, шундай ҳам яхши бўлиб кетади».
Қўққисдан чол ҳали сувга тушган чилвирнинг қиялиги ўзгариб қолганини пайқаб улгурмасдан, унинг ўнг қўли тортиш кучи сусайганини сезди. У ўзини орқага ташлади, кучи борича чап қўли билан сонига тушира бошлади ва шунда чилвирнинг аста-секин юқорига кўтарила бошлаганини кўрди.
– Кўтариляпти, – деди у. – Қани, қўл, бўла қол, қимирла! Ўтинаман сендан!
Чилвир узунасига борган сари чўзилгандан чўзилиб борар ва ниҳоят, қайиқ қаршисидаги денгиз сатҳи бўртиб кетди, балиқ сувдан чиқди. У чиққандан чиқиб борар, чиққандан чиқиб борар, гўёки бош-кети йўққа ўхшар, сув эса унинг ёнларидан дув-дув оқиб тушарди, балиқ бутун борлиғи билан қуёшда товланиб ёнар, боши ва усти тўқ бинафша рангда, энли ён тасмалари эса, тиниқ шуълаларда майин сафсар рангда кўринар эди. Унинг тумшуғи ўрнида худди бейсбол чавгонидай узун ва учи рапира сингари ўткир тиғ турар эди. У сувдан бор бўйи билан кўтарилди, кейин худди моҳир сузувчидек жим шўнғиди, унинг ўроқ тиғига ўхшаш ҳайбатли қуйруғи сувга ботиб улгурмасдан, калава шитоб билан бўшала бошлади.
– У менинг қайиғимга қараганда, икки футча узунроқ, – деди чол.
Чилвир денгизга тез, аммо бир меъёрда кетиб борар, балиқнинг ҳеч бир нарсадан чўчимаганлиги яққол кўриниб турарди. Чол чилвирни икки қўллаб охиригача тортишга уринар эди. Агар балиқнинг ҳаракатини бир меъёрдаги қаршилик билан секинлатишга муваффақ бўлмаса, у ҳолда балиқ бор-йўқ калавасини тортиб, узиб-юлқиб кетажагини чол биларди.
«Ўзи ҳам балиқмисан балиқ экан. Энди мен унинг ўзида қандай куч яширинганини билиб олишига йўл қўймайман, – деб ўйларди у. – Агар жуфтакни ростлаб қоладиган бўлса, мени нима кўйларга солиши мумкинлигини унга билдириш керак эмас. Унинг ўрнида мен бўлганимда, ё ўлиш, ё қолиш деб, то ўпка тушгунча олға силжиган бўлардим. Аммо, минг қатла шукрки, балиқлар ўзларини қирувчи одамлар сингари ақлли эмаслар; ваҳоланки, улар бизга қараганда ҳам эпчил, ҳам олижаноброқдирлар».
Чол ўз умрида жуда кўп катта балиқларга дуч келган эди. Вазни минг қадоқдан ҳам оғирроқ келган балиқлардан талайини кўрган, ўзи ҳам бир маҳал шундай хилидан иккисини тутган, аммо ҳеч қачон бундай ишни бир ўзи қилишига тўғри келмаган эди. Мана энди умрида кўзи билан кўрмаган, қулоғи билан эшитмаган бу қадар катта балиққа очиқ денгизда, ёлғиз ўзи чамбарчас боғланиб ўтирибди, чап қўли эса бояги-бояги, акашак. Гўё бургутнинг юмуқ панжаларига ўхшайди.
«Бе, қўлим ёзилиб кетади ҳали, – деб ўйлади у. – Жилла қурса, ўнг қўлимга кўмаклашиш учун, албатта ёзилиб кетади. Бор эканда, йўқ экан, кўк денгиздан нарида уч оға-ини: бир балиқ ва менинг икки қўлим бўлган экан… Албатта ёзилиб кетади. Лўқ бўлиб туриши шармандалик-ку, ахир».
Балиқ секинлашди, энди у аввалги тезликда борарди.
«Қизиқ, нима сабабдан у кутилмаганда юқорига чиқиб қолди, – фикрлай бошлади чол. – Ё ўзини қандай эканлигини менга кўрсатгани чиқдими. Ҳай, бу ҳам ёмон эмас, энди уни биламан. Аттанг, унга мен ўзимнинг қандай одам эканлигимни кўрсата олмайман. Айтайлик, бунда у менинг мана бу расвойи олам бўлган қўлимни кўрган бўларди. У мен ҳақимда аслида ўзим арзимасам ҳам яхшироқ фикрда бўлишини истайман. Ўшанда мен чиндан ҳам яхши бўламан. Мен балиқ бўлишни, унинг ихтиёрида нимаики бўлса, менда ҳам бўлишини, ёлғиз чидам ва калла билан чекланиб қолмасликни хоҳлардим».
Қайиқнинг тахта қопламасига суяниб, чол ўзини бетўхтов қийнаган оғриққа ғинг демай дош бериб, жимгина, хотиржам ўтириб олди, балиқ бўлса, боягибояги, ҳеч тўхтамай олға сузиб борар, қайиқ ҳам қорамтир сувда аста ҳаракат қиларди. Шарқдан эсган шамол пича йирик тўлқин кўтарди.
Тушга келиб чолнинг чап қўли асл ҳолига қайтди.
– Шўринг қуриди энди, балиқ, – деди у ва елкасидаги чилвирни бир оз суриб қўйди.
Оғриқ ўша-ўша, жондан ўтиб турганига қарамай, чол ўзини яхши ҳис қиларди; фақат оғриқдан қанчалик азият чекаётганлигини хаёлига келтирмас, тан олмасди.
– Мен Худога ишонмайман, – деди у. – Аммо бу балиқни тутиш учун ўн қайта «ё падар»ни ва яна шунча маротаба «Биби Марям» дуосини тиловат қилишга тайёрман. Агар уни чини билан тутсам, онт ичаманки, бир кўп табаррук жойларга топинмоққа бораман. Сўз бераман.
Чол дуо ўқий бошлади. Айрим ўринларда у ўзини шундай ҳам ҳорғин сезар эдики, айтиладиган сўзларни унутиб қўяр, шунда улар ўз-ўзидан, қироат ичида айтилиб кетсин учун, иложи борича тез ўқишга ҳаракат қиларди. «Ё падар»га қараганда «Биби Марям»ни қайтариш осонроқ, – деб ўйлади у.
– Муфаррах ўл, ё тангри онаси биби Марям, тангри сенга ёр бўлсин. Ўзинг иффатли завжаи муҳтарама, зурёдинг бошимизга халоскор ўзинг яратгансан, ўзинг посбон бўлгайсан. Омин. – Кейин қўшиб қўйди:Ё мукаррам Биби Марям она, дуо қил, балиқ ўлсин. Тенги йўқ, топилмас бўлса ҳам дуо қил, ўлсин.
Дуодан чол ўзини бир қадар яхши сеза бошлади, бироқ оғриқ қиттаккина бўлсин пасаймади, балки баттарроқ азоб бера бошлади. У қуйруқ қопламасига суяниб олди-да, чап қўлининг бармоқларини беихтиёр машқ қилиб уқалай бошлади. Қуёш қиздиргандан қиздирар, шабада аста-секин кучайиб борарди.
– Хўп, энди майда қармоққа хўрак жойлаб қўйсак ҳам бўлар, – деди чол. – Балиқ бу кеча ҳам юзага чиқмаса, мен яна тотиниб олишим керак бўлади. Сув бўлсаку, шишанинг тагидагина қолган. Бу ерда макрелдан бошқа бирон нарсани тутиб бўлмаса ҳам керак дейман. Аммо уни дарров ейилса, унчалик ёқимсиз туюлмайди. Қани энди тунда учар балиқ тушиб қолса. Аммо уни жалб қилишга менда чироқ йўқ. Ажойиб таом-да бу учар балиғи, уни тозалаб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Мен бўлсам, куч асрашим керак. Ё Худовандо, ахир мен унинг бунақа каттакон бўлишини қайдан билай!.. Аммо барибир мен уни енгаман, – деди у. – Нечоғли улкан, нечоғли буюк бўлмасин, барибир.
«Гарчи адолатдан бўлмаса-да, – фикран давом этди у, – мен одам боласининг нималарга қодир эканлиги ва ҳамда нималарга дош бериб, чидаши мумкинлигини кўрсатиб қўяман».
– Менинг зувалам бошқача узилган деб болага айтмовдимми, ахир, – деди у. – Буни амалда исбот қилишнинг пайти келди.
У аллақачон буни юз карра, минг карра амалда исбот қилган эди. Нима бўлибди энди? Яна қайтадан исбот қилиш керак бўлса, исбот қилаверади. Бунинг саноғи ҳар сафар янгидан бошланади: шу сабабдан ҳам у бирон нарсани қилаётганда, ҳеч қачон ўтиб кетган нарсаларни эслаб ўтирмас эди.
«Қани энди уйқуга кета қолса, кейин мен ҳам мизғиб олардим ва тушимда шерларни кўрган бўлардим, – деб ўйлади у. – Нима учун шерлар менинг ҳаётимда қолган нарсаларнинг энг яхшисийкин?»
– Хаёл сурмаслик керак, қария, – деди у ўзига. – Тахталарга суянгин-да, осойишта бўл, дам ол, ҳеч нарса тўғрисида ўйлама. У ҳозир уриниб ётибди. Сен-чи, сен иложи борича камроқ урингин.
Қуёш уфққа оғиб қолган, қайиқ бўлса, секин, аммо бетўхтов сузгандан сузиб борар, сузгандан сузиб борарди. Уни шарқдан эсаётган шамол оҳиста ҳайдамоқда, чол елкасини ўйиб тушган арқон етказаётган оғриқни енгилгина, билинтирмай ўтказиб беозор тўлқинларда аста-аста чайқалиб борарди.
Нима бўлдию, тушдан кейин чилвир яна кўтарила бошлади. Бироқ айтарли ҳеч нарса юз бермади. Балиқ сал юзароқда суза бошлаган эди. Қуёш чолнинг орқаси, чап қўли ва елкасини қиздирар эди. У бундан балиқнинг шимоли-шарққа томон бурилганини билди. Энди у, балиққа бир назар солгандан кейин унинг сув остида бинафшаранг кўкрак қанотларини чарх урган қушдек кенг ёйиб, қудратли қуйруғи билан қоронғиликни тила-тила сузиб боришини кўз ўнгига келтира оларди. «Қизиқ, бунақанги чуқурликда у нимани ҳам кўра оларди? – деб ўйлади чол. – Кўзлари жуда йирик-йирик, лекин отнинг кўзи, уникидан неча ҳисса кичигу, аммо қоронғида кўради. Мен ҳам қачонлардир кечаси яхши кўрардим. Тўғри, зим-зиё тун бўлса, унда бошқа гап, аммо бир ҳисобга кўзимнинг ўткирлиги мушукникидан қолишмас эди».
Чангак бўлиб қолган чап қўл тўхтовсиз машқ ҳам қуёш туфайли ўз ҳолига қайта бошлади, чол арқондан тортаётган азобини бир озгина бўлса ҳам енгиллатиш учун елка мушакларини ишга солиб, бутун оғирликни аста-секин сўл қўлига ўтказишга киришди.
– Агар сен ҳали ҳам чарчамаган бўлсанг, – деди у овоз чиқариб, – гапнинг ўғил боласи шуки, мислсиз балиқ экансан.
Энди у ўзини бениҳоя ҳорғин сезар, бунинг устига тезда қоронғи тушажаги юрагини тимдалар, шу сабабдан бошқа бир чет нарсалар устида ўйлашга ҳаракат қилар эди. У ўзи учун Gran Ligas бўлиб қолган машҳур бейсбол лигалари ҳамда Нью-Йорк «Янки»си билан Детройт «Йўлбарс»и ўртасида бўладиган бугунги ўйин устида ўйларди.
«Juegos6 натижалари ҳақида мана икки кундан бери ҳали ҳеч нарсани билмайман, – деб ўйлади у. – Аммо мен ўз куч-қувватимга ишонишим ва нима ишга қўл урмайин, барини қотириб ташлайдиган, бунда ҳатто товонидаги суяк қадоғи берадиган азобга ҳам қараб ўтирмайдиган буюк Ди Маджиога лойиқ бўлишим керак. Суяк қадоғининг ўзи нима? Un espuela de hueso.
Биз, балиқчиларда бу нарса бўлмайди. Наҳотки, бунинг оғриғи уришқоқ хўроз пихи билан товонга тепганчалик бўлса? Мен эҳтимол, на бу каби тепкига ва на бир ёки ҳар икки кўздан айрилишга тоби тоқат қилган ва на уришқоқ хўрозлар сингари жангни давом эттира олган бўлардим. Кишини бениҳоя ҳайратга соладиган ажойиб қушлар ва ҳайвонлар олдида одам боласи – нима деган гап ўзи. Мен ҳозир шу тобда, ҳув ўша денгиз тубида сузаётган махлуқ бўлиб қолишни истар эдим».
– Ҳа, фақат акулалар босқин ясамасагина, бу яхши, – деди у овоз чиқариб. – Акулалар ҳужум қилиб қолса-чи, унда менга ҳам, унга ҳам ўзинг раҳм қил, Худо!
«Наҳотки, буюк Ди Маджио балиқни ҳозир сен ушлаб турганчалик матонат билан ушлаб тура оларди, деб ўйлайсан? – деб сўради у ўзидан. – Ҳа, аминманки, у ҳам худди шундай қилган бўларди ва эҳтимол, менга қараганда навқирон ҳам забардаст бўлганлиги учун, яхшироқ қилиши ҳам мумкин эди. Устига устак отаси балиқчи ўтган… Суяк қадоғи жуда кўп азоб берармикин унга?»
– Қайдам, – деди у ўзига-ўзи. – Мен умрим бино бўлиб суяк қадоғининг нималигини билмайман.
Қуёш ботгандан кейин чол ўзига далда бериш учун бир маҳаллари Касабланка тавернасида бутун портда энг кучли одам ҳисобланган сьенфуэгослик барзанги негр билан куч синашганлигини эслай бошлади. Улар стол устига бўр билан чизилган чизиққа тирсакларини тираганларича, билакларини эгмай, панжаларини чамбарчас сиққан ҳолда бир сутка қимир этмай, ўтириб чиққан эдилар. Ҳар иккови ҳам бир-бирларининг қўлларини столга ётқизишга уринар эди. Атрофдаги одамлар гаров ўйнашар, керосин лампа ғира-шира ёритган хонага кириб чиқишар, у бўлса негрнинг қўли, тирсаги, башарасидан кўз узмас эди. Саккиз соат ўтгандан кейин, судьялар ухлаб олиш мақсадида, ҳар тўрт соатда алмашадиган бўлди. Ҳар икки рақибнинг ҳам тирноғи остидан қон силжий бошлади, ўзлари бўлса, ҳамон бир-бировларининг кўзлари, қўллари ва тирсакларидан кўз олмас эдилар. Баҳс бойлашганлар хонага киришар, чиқишарди; улар девор ёқалаб қўйилган баланд стулларга ўтириб олиб, мусобақанинг нима натижа билан тамом бўлишини кутишарди. Ёғоч деворлар тўқ зангори бўёқ билан бўялган, лампалардан уларга соялар ташланарди. Негрнинг сояси жуда ҳам баҳайбат бўлиб, шамол лампаларни тебратган пайтларда деворда лопиллар эди.
Бутун кеча давомида гоҳ унинг, гоҳ бунинг қўли баланд келиб турди, негрга ром қуйиб тутишар ва сигареталарини тутатиб беришарди. Ромни ичиб олгандан сўнг негр шундай ҳам зўр берардики, ҳатто бир сафар чолнинг қўлини (чол у пайтларда чол эмасди, уни Сантьяго EL Campeon7 деб аташар эди) деярли уч дюймга букиб ҳам қўйди. Аммо чол билагини қайта тўғрилаб олди. Шундан кейин у ўзи яхшигина йигит ва обрўли полвонлардан бўлган бу негрни енгишига шубҳа қилмади. Ниҳоят, тонгда одамлар судьядан дуранг талаб қила бошлаган, судья эса нима қиларини билмай, фақат елка қисганда, чол бутун кучини бир ерга тўплади ва то негрнинг қўли столга қапишмагунча букиб тушаверди.
Олишув дам олиш куни эрталаб бошланиб, душанба куни саҳарда тамом бўлди. Баҳс бойлашганлардан кўпчилиги дуранг бўлсин, деб талаб қила бошладилар, чунки уларнинг портга ишга чиқиш вақтлари бўлиб, бу ерда Гавана кўмир компанияси учун кўмир ёки қопланган шакар юклашарди. Шу бўлмаса, ҳаммаси ҳам мусобақани охирига етказишнинг тарафдори эди. Аммо чол енгди, енгганда ҳам юк ташувчиларнинг иш вақти бошланмасдан бурун енгди.
Кейин уни узоқ вақт Чемпион деб атаб юришди, баҳор чиққанда эса у негр билан яна олишди. Бироқ бу сафар гаровлар оз пулга ўйналди ва чол иккинчи марта ҳам осон ғалаба қозонди, чунки сьенфуэгослик негрнинг ўз кучига бўлган ишончи биринчи ўйиндаёқ шикаст топган эди. Кейин Сантьяго яна бир қанча мусобақаларда қатнашди, аммо кўп ўтмай бу ишни ташлади. Чунки астойдил хоҳласа, ҳар қандай одамни ҳам енгишига амин бўлди ва энди бундай мусобақалар балиқ овлаш учун керак бўладиган, ўнг қўлига зарар келтириши мумкинлигини англади. Бир неча маротаба у чап қўли билан куч синашмоққа ҳаракат қилиб кўрди. Аммо бу қўли уни доимо уялтириб қўяр, эгасига бўйсунишни истамас ва чол ҳам унга ишонмас эди.
«Энди уни қуёш яхшилаб қиздиради, – деб ўйлади чол. – Агар кечаси жуда ҳам совуқ бўлмаса, бундан кейин жўрттага, менга аччиқ қилиб увушиб ўтиргани журъат қилмайди. Қани, кўрайлик-чи, бу тун бизга нималарни раво кўраркин?»
Унинг тепасидан Маямига учган самолёт ўтиб кетди, чол самолётнинг сояси ҳуркитиб учирган учар балиқларнинг тўдасини кўрди.
– Бу ерда учар балиқ шунчалик кўп экан, демак, шу яқин ўртада макрель ҳам бўлиши керак, – деди у ва балиқни салгина бўлса-да, яқинроқ силжитишнинг иложи йўқмикин деб, елкаси билан чилвирга қаттиқроқ тиркалди. Аммо бунинг мумкин эмаслиги тезда англашилди, чунки чилвир худди тор каби узилиб кетай деб, яна зириллаб қалтиллади, ундан сув зарралари сакраб отила бошлади. Қайиқ олдинга оҳиста сузиб борарди. Чол то самолёт кўздан йўқолгунча, уни кузатиб турди.
«Самолётдан ҳамма нарса жуда ғалати бўлиб кўринса керак, – деб ўйлади у. – Қизиқ, шунча баландликдан денгиз қандай кўринаркин? Агар улар бунчалик юқорида учмаганларида ўша ердан менинг балиғимни аниқ кўрган бўлишарди. Ўз балиғимга юқоридан бир назар ташлаш учун икки юз саржин баландликда секин-секин учиб ўтишни хоҳлардим. Бир пайтлар тошбақа овига чиққан кезларим, мачта учига чиқиб, ўша ердан ҳам жуда кўп нарсаларни бир-биридан ажрата олардим! Макрель юқоридан кўкимтирроқ бўлиб кўринади ва ҳатто унинг бинафшаранг йўл-йўл чизиқлари-ю, доғларини ажратиб олиш, бутун тўда қай йўсинда сузаётганлигини ҳам кўриш мумкин. Қоронғи чуқурликларда сузувчи барча учқур балиқларнинг усти, кўпинча, йўл-йўл тасмалари олабула доғлари ҳам нима сабабдандир, бинафша ран-гида бўлади. Нега энди шунақа бўларкин? Макрель кўринишдан кўкимтир бўлса ҳам, аслида ранги тиллага ўхшайди. Аммо у роса ҳам очиқиб бирон нарсанинг кетидан қувганда, биқинларида худди марлинники сингари бинафша ранг йўл-йўл чизиқлар пайдо бўлади. Наҳотки бу қаҳрдан бўлса? Балки, одатдагидан тез ҳаракат қилганидандир?»
Қоронғи тушмасдан сал олдин, енгил тўлқинлар қўйнида гўё сариқ кўрпа остида океан ким биландир қучоқлашаётгандек чайқалган ва тўлғонган саргасс сув ўсимликларининг каттагина ороли ёнидан ўтиб кетаётганларида, кичик қармоққа макрель илинди. Балиқ қуёшнинг сўнгги нурларида мусаффо олтин жилолар билан турланиб, қўрқувдан ярим букилган ҳолда, қанотларини ҳавода жон ҳолатда силкита-силкита юқорига сапчиганда, чол уни кўриб қолди. Макрель шоввоз акробатдек қайта-қайта сапчиб кўтариларди. Чол бўлса қуйруққа ўтиб олди, чўнқайди, йирик чилвирни ўнг қўли ва тирсаги билан тутганича, балиқ тушган дастани яланг сўл оёғида босиб туриб, макрелни чап қўли билан чиқариб олди. Макрель қайиқнинг шундоқ ёнгинасига келиб, жон аччиқ талваса ичида ўзини ҳар томонга урганда, чол қуйруқ оша энгашди ва қайиққа мисли олтиндек лов-лов ёнган, бинафшаранг тасмали балиқни кўтариб олди. Макрель изтироб ичида оғзини очиб ёпар, жон ҳолатда қармоқни тишларди. Унинг узунчоқ ясси танаси, боши ҳам думи то чол тилларанг тусда товланиб турган калласига уриб тинчитмагунча, қайиқ тубига урилиб турди, кейин бир оз титраб-қақшади-да, қимир этмай қолди.
Чол балиқни қармоқдан чиқариб олди, унга яна қайтадан хўрак илди-да, денгизга ташлади. Кейин у оҳиста қуйруққа ўтиб олди. Чап қўлини чайиб, иштонига суртди, чилвирни ўнг елкасидан чап елкасига ўтказди ва қуёшнинг океанга ботиб бориши билан чилвирнинг сувга қандай қияликда кетаётганини кузатган ҳолда, ўнг қўлини ювди.
– Ҳаммаси бояги-боягича, – деди у.
Аммо сувга қўл тиқиб, чол қайиқнинг ҳаракати анча сусайиб қолганини сезди.
– Кечаси ҳаракатни пича сусайтириш учун ҳар иккала эшкакни бир-бирига боғлаб, қайиққа кўндаланг қилиб маҳкамлайман, – деди у. – Бу балиқнинг кучи ҳали бутун кечага етиб ортади. Мен ҳам ундан қолишмайман, албатта.
«Макрелни яна бир оз туриб, кейин тозаласам, маъқул бўладиганга ўхшаб қолди, – деб ўйлади у, – шунда ҳамма қони оқиб кетмайди, мен буни салдан кейин қиламан ва бирваракай эшкакларни ҳам боғлаб қўяман. Унгача, яна айниқса кун ботар чоғида балиқни безовта қилмаганим дуруст. Қуёшнинг ботиши ҳар қандай балиққа ҳам ёмон таъсир қилади».
У қўлини шамолда қуритиб олди, кейин чилвирни тутди-да, балиққа бирмунча эрк берди. Балиқ уни тахта қоплама томон яқинроқ суриб келди ва чол шу билан оғирликни ўз гавдасидан қайиққа кўчирди.
«Қўлимдан унча-мунча иш келадиган бўлиб қолибди, – деб ўйлади у. – Ҳозирча мен балиқни уддалайман. Бунинг устига у хўракни ютиб юборганидан бери ҳали ҳеч нарса тотимаганини ҳам унутиш керак эмас, ўзи каттакон бўлса, унга жуда кўп озиқ керак. Мен-ку, бутун бошли бир тунецни еб олдим-а. Эртага макрелни ейман. – Чол макрелни dorado деб атарди. – Эҳтимол, уни тозалаётганимда, бир бўлакчасини еб оларман. Макрелни ейиш тунецни ейишдан оғирроқ. Аммо дунёда осонлик билан битадиган ишнинг ўзи йўқ».
– Аҳволларинг қалай энди, балиқ? – баланд овоз билан сўради у.
– Мен ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Сўл қўлимнинг оғриғи пасайди, озиқ ҳам бутун бир кечаю, яна бир кунга етади. Майли, балиқ, қайиқни торта-вер.
Чол ўзини, айтганидай, жуда яхши ҳис қилаётгани йўқ эди. Чунки елкасига арқон бераётган азоб энди шунчаки оғриқдан ўтиб, зирқ-зирқ лўқиллашга айланган, бу эса чолни хавотирга солаётган эди. «Бундан баттарроқ нарсаларни ҳам кўрганмиз, – деб юпатарди у ўзини. – Бир қўлим сал-пал шикастланган, иккинчиси бўлса, энди томири тортишаётгани йўқ. Оёқларим бардам. Озиқ-позиқ масаласида ҳам мен балиққа қараганда ўзимни пошшо деб ҳис қилсам бўлади».
Қоронғи тушди, сентябрь ойида тун доимо бирдан, қуёш ботиши биланоқ киради. У, туздан ейилиб кетган тахталарга ёнбошлаб ётар ва бор кучи билан дам олишга ҳаракат қиларди. Осмонда илк юлдузлар кўринди. У Ражул юлдузининг номини билмасди, аммо унга кўзи тушиши биланоқ тезда барча қолганлари ҳам чиқишини ва шунда, бу олис ҳамроҳлар яна ўзига эш бўлишини тушунди.
– Балиқ ҳам менга ошна, – деди у. – Мен бундай балиқни ҳеч қачон кўрган эмасман, шундайлари бўлишини эшитмаганман ҳам. Аммо мен уни гумдон қилишим керак. Яхшиямки, юлдузларни ҳам гумдон қилишга зарурат йўқ!
«Тасаввур қилиб кўргин-а, одам уззукун ойни бўғизлашга ҳаракат қилиб юрса! Ой бўлса, ундан қочиб кетади. Бу ҳам майли-я, агар одамга ҳар куни қуёшни овлашга тўғри келиб қолганда, нима бўларди? Йўқ, нима десанг ҳам бизнинг толеимиз бор», деб ўйлади у.
Кейин у тотиниб олишга имкони бўлмаган катта балиққа ачиниб кетди. Аммо бу қайғуриш, унинг балиқни ўлдириш ҳақидаги қатъий қарорига ҳеч қандай монелик қилмас эди. Қанчадан-қанча одамларни тўйдиради у! Бироқ кишилар у билан қорин қаппайтиришга арзишармикин? Йўқ, албатта. Дунёда ҳеч ким уни оғзига олишга лойиқ эмас; ахир, унга бир қаранг, ўзини қандай тутяпти, қандай шарофат кўрсатяпти.
«Мен жуда кўп нарсаларни тушунмайман, – деб ўйлади у. – Аммо бизга қуёш, ой ва юлдузларни ўлдиришга тўғри келмаганлиги қандай яхши. Денгиздан бор-йўқ ризқи рўзимизни қоқиштириб олаётганимиз ва яна ўз биродарларимизни ўлдираётганимиз ҳам етиб ортади.
Энди мен эшкаклардан бўладиган тормоз ҳақида ўйлаб кўришим зарур. Бунинг ҳам яхши, ҳам ёмон томони бор. Мен анча-мунча калавадан айрилиб қолишим мумкин, кейин, балиқ силтаниб қолса, тамом, уни ҳам қўлдан чиқариб қўяман, тормоз бўлса, қайиқни тез ҳаракат қилишдан маҳрум қилиб қўяди! Қайиқнинг енгиллиги эса ҳам балиқнинг, ҳам ўзимнинг азобуқубатларимни оширади, аммо бу уқубатдан халос бўлишимнинг гарови ҳам шунда. Ахир, бу балиқ, агар истагудай бўлса, бундан ҳам тез сузиши мумкин. Ҳай, нима бўлса бўлар, ҳозир, ҳидланиб қолмасдан бурун макрелни тозалаб қўйиш ва пича тотиниш керак. Қувват бўлади.
Энди яна бирор соат дам оламан, кейин агар балиқ ўзини тинч тутадиган бўлса, қуйруқ томонга ўтиб, лозим бўлган ишларни қиламан ва эшкаклар тўғрисида бир фикрга келаман. Унгача балиқнинг ўзини қандай тутишини кузатиб бораман. Эшкак билан бўладиган ҳангома яхши ўйлаб топилди, бироқ ҳозир бўлсабўлмаса ишга қатъий киришиш керак. Балиқ ҳали кучга тўлиқ. Мен қармоқ балиқ лунжининг худди ўзгинасида санчилиб турганини, оғзи эса маҳкам қисиб олинганини пайқаган эдим. Қармоқнинг унга бераётган азобини азоб демаса ҳам бўлади. Уни кўпроқ очлик ва ўзи нималигини аниқ билиб етмайдиган хавфхатар сезгиси қийнайди. Ҳордиқ олавер-чи, чол. Сен-га навбат келгунча, балиқ заҳмат тортаверсин».
Унинг назарида, ўзи икки соатга яқин дам олган эди. Ой энди кеч кўтарила бошлаганидан, у вақтни аниқ белгилай олмади. Тўғрисини айтганда, унинг дам олиши шунчаки, хўжакўрсинга бўлган дам олиш эди. У балиқнинг оғирлигини ўз елкасида бояги-бояги ҳис қилар, шундай бўлса ҳам чап қўли билан қуйруқ планширига таянган ҳолда оғирликни имкони борича қайиққа солишга уринарди.
«Чилвирни қайиққа боғлаб қўйишим мумкин бўлганида, ҳамма нарса оппа-осон ҳал бўлган бўлардиқўярди, – деб ўйлади у. – Аммо у салгина силтана қолса борми, тамом, чилвир чирт узилади-кетади. Мен чилвирга тушадиган кучни ўз гавдам билан бетўхтов қирқиб, ҳар дақиқада калавани икки қўллаб бўшатишга тайёр туришим керак».
– Аммо сен, ахир, ҳали ухлаганинг йўқ-ку чол, – деди у овоз чиқариб. – Ярим кун ва бир кеча, кейин яна бир кундуз ўтса ҳамки, сен ҳамон ухлаганингча йўқ, ҳа. У тўполон кўтармай, хотиржам турган маҳалда, сен нима қилиб бўлса ҳам озгина ухлаб олишнинг ғамини е. Бўлмаса, каловланиб қоласан.
«Ҳозир миям жуда яхши ишлаяпти, – деб ўйлади у. – Ҳатто жуда ҳам равшан. Шунчалик равшанки, гўё ҳамшираларим бўлган юлдузларга ўхшайди. Аммо нима бўлганда ҳам, мен ухлаб олишим керак. Юлдузлар ҳам ухлайди, ой ҳам ухлайди, қуёш ҳам ухлайди ва ҳатто оқим бўлмаган, жимжит сукунат чўккан кезлари океан ҳам ухлайди.
– Ухлаб олишни ёдингдан чиқарма, – деб уқтиради ўзига-ўзи чол. – Ухлашга ўзингни мажбур қил. Калавадан бир амаллаб ҳоли бўлишнинг осон ва тўғри йўлини ахтар. Энди қуйруққа ўтиб, макрелни тозалаб қўй. Эшкакдан қилинган тормоз эса, Худо кўрсатмасин ухлаб қолгудай бўлсанг, ниҳоятда хатарли бўлади.
– Аммо мен уйқудан воз кечишим ҳам мумкин, – деди у ўзига. – Ҳа, мумкин, бироқ бу ҳам ўлгудай хавфли.
У балиқни безовта қилмасликка ҳаракат қилиб, эмаклаб қуйруқ томонга силжий бошлади. «У ҳам эҳтимол, пинакка кетаётган бўлса ажабмас, – деб ўйлади у. – Аммо мен унинг нафас ростлаб олишини истамайман. У то жон бергунча қайиқни тортиб бориши керак».
Қуйруққа етиб олгач, у айланиб балиқнинг бутун оғирлигини чап қўлига ўтказди, ўнг қўли билан эса пичоқни ғилофдан суғуриб олди. Юлдузлар бодраббодраб нурланар, макрель уларнинг шуъласида яққол кўзга ташланар эди. Чол унинг калласига пичоқ санчиб, қуйруқнинг тахта кати остидан тортиб олди-да, оёғи билан босиб туриб, думидан то остки жағининг тагигача чаққон тилиб чиқди. Сўнг пичоқни қўйди. Ўнг қўли билан балиқнинг ичак-чавоғию, жабрасини суғуриб олди. Унинг қорин қопчиғи оғир ва шилимшиқ эди. Тилинганда, ичидан икки учар балиқ чиқди. Улар ҳали бузилмаган, қаттиққина эди, чол ҳар икковини ҳам қайиқ тубига ёнма-ён қўйди, ичак-чавоқларни эса денгизга улоқтирди. Улар чўккан жойда ялтиллаган из қолди. Юлдузларнинг рангсиз шуъласида макрель ифлос бўз тусига кирган эди. Чол балиқ бошини оёғи билан босиб туриб, унинг бир ёнидан терисини шилиб олди. Кейин макрелни ағдариб қўйди ва иккинчи ёнининг терисини шилди. Гўштини бошидан то думигача тилиб чиқди.